Чегараолди ҳудудида яшайдиган қирғизистонлик ва тожикистонликлар ўртасида 8 май куни содир бўлган можарода ов милтиғи ишга солинди ва миномётдан ўт очилди. Қирғизистон томони чегарачилардан уч нафари ўқотар қуролдан яраланганини маълум қилди. Тожикистон эса икки маҳаллий турғун оғир яраланганини билдирди.
Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, можаро Боткен вилоятининг Чек деган жойида 50 сотих участкадан фойдаланиш масаласи туфайли келиб чиққан. Мазкур участка аниқлаштирилмаган ҳудуд бўлиб ҳисобланади, бироқ, Давлат чегара хизмати ундан феълан қирғизистонликлар фойдаланиб келганини қайд этган. Тожикистон эса мазкур ер тожик қишлоғи турғунлари томонидан фойдаланиб келинганини таъкидламоқда.
Жума куни Қирғизистон томонидан 30-40 киши, Тожикистон томонидан ҳам яна шунча киши бир-бирларини тошбўрон қила бошлаганлар.
Қирғизистон Давлат чегара хизмати версиясига кўра, можаро чоғида ов милтиғидан ўқ узилган. Можаро эскалациясига йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистон ва Тожикистон чегара нарядлари осмонга бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ отганлар.
Можаро бир муддатга тинган. Икки республика чегараолди ҳудудлари аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Икки қўшни мамлакат чегара хизматлари бир-бирларини зиддиятни келтириб чиқарганликда ва қарши томонга ўқ узганликда айблаган.
Айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ҳамда расмийлари ўртасида ҳар икки томонда вазиятни тўла барқарорлаштириш учун музокаралар олиб борилмоқда. Бу маълумотни ҳар икки томон вакиллари тасдиқлаган.