Гарчи Россияда энг йирик дунёвий байрам – Ғалаба кунини дабдаба билан нишонлашга коронавирус пандемияси халақит берган бўлса-да, президент Владимир Путин ушбу кунни бирдамликка ва Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган кишиларни муносиб тарзда шарафлашга даъват этиш билан нишонлади.
Кремль нацистлар устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини дунё мамлакатлари раҳбарларини таклиф этиш ва Россиянинг жаҳон саҳнасидаги қонуний деб аталаётган ўрнини янада тарғиб қилиш билан байрам қилмоқчи эди.
Лекин коронавирус Россиянинг сиёсий ҳаёти ва жамиятини ўзгартириб юборди: миллионлаб россияликлар карантинга тушиб қолди, иқтисодиёт ҳажми қисқарди, Путин эса мурожаатларини ҳукумат аъзолари ва губернаторлар иштирокидаги видеоконференциялар билан чеклашга мажбур бўлди.
Путин сўнгги бир ойга яқин вақтда халққа илк марта кўриниш берган маърузасида вирус ёки унинг тарқалишини тилга олмади, эътиборини фақат Улуғ ватан уруши деб аталадиган муҳорабада қурбон бўлган миллионлаб Совет ватандошлари хотирасига қаратди.
У Россия уруш қурбонлари хотирасини ҳар доим ёдда тутишига ваъда берди. Ўша урушда 25 миллион киши, асосан, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган эди.