Германияда карантин юмшатилгани ортидан коронавирусга чалинганлар сони яна кўпайди

Берлиндаги Alexanderplatz майдонида норозилар ва полиция тўқнашуви, полиция аччиқ сув пуркамоқда, 9 май, 2020

Германияда карантин чоралари юмшатилганидан бир неча кун ўтгач коронавирусга чалинганлар сони кўпая бошлади. Роберт Кох институти тарқатган маълумотда айтилишича, Германияда коронавирус билан касалланиш индекси “бир даража”дан кўпроқни ташкил этмоқда.

Германия коронавирусга чалинганлар бўйича дунёдаги 7-ўринни эгаллаб турибди. Роберт Кох институтининг билдиришича, 10 май ҳолатига кўра, мамлакатда 169 218 киши коронавирусга чалинган, 7 395 бемор ўлган.

10 май куни Германиянинг Westfleisch гўшт комбинатида ишловчи 205 киши коронавирус юқтиргани аниқланди. Комбинат раҳбарияти асосан Шарқий Европа давлатларидан келган 1200 нафар ишчининг кўпчилиги 3-5 кишидан бўлиб бир квартирада яшашини маълум қилди. Комбинат фаолияти 18 майгача тўхтатилди.

6 май куни Германия канцлери Ангела Меркель карантин чоралари юмшатилганини эълон қилган эди. Меркель “мамлакат коронавируснинг биринчи даврини муваффақиятли якунлагани”ни билдирганди.

9 май куни Германиянинг бир неча шаҳарларида коронавирусга қарши карантин чораларига жорий этилганига норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Намойишлар пайтида тартибсизликлар содир этилгани ортидан полиция бир неча ўн одам қўлга олинганини билдирган.