Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонга бериладиган 95 миллион долларлик қарз ҳисобидан карантин тадбирлари амал қилиши даврида кам таъминланган оилалар ва ишсизларга бир марталик манзилли нафақалар берилади.
Бу ҳақда президент имзолаши кутилаётган “Жаҳон банки иштирокида “Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекциясига шошилинч чоралар кўриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида белгилаб қўйилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган мазкур ҳужжат 22 майга қадар муҳокама қилинади. Ҳужжатда қайд этилишича, “Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банки 30 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли даври билан жами 95 миллион доллар қарз бермоқда.
Мазкур қарзнинг бир қисми Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали COVID-19 инфекциясига шошилинч чоралар кўриш учун соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга сарфланади.
Қарзнинг бир қисми эса ижтимоий нафақаларни мақсадли ва манзилли тайинланиши ва ўз вақтида тўланилишини таъминлашга, ишсизлик бўйича бир марталик нафақаларни манзилли ажратилишига йўналтирилади.