Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини сенаторлар ҳам маъқуллади

Ўзбекистон Сенатининг мажлислар зали.

Олий мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида 11 май куни сенаторлар Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқдилар.

Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мазкур масала юзасидан, сенат матбуот хизмати маълумотига кўра, ЕОИИ доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдорлари ҳам, бунга қарши бўлган сенаторлар ҳам фаол иштирок этганлар.

“Қизғин ва очиқ мунозара якунида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди”, дейилади хабарномада.

Маълумотларга кўра, 100 сенатордан 91 нафари қатнашган овоз беришда 71 сенатор Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини ёқлаган, 16 нафари қарши чиққан, тўрт нафари эса бетараф қолган.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз қарорлари билан Ўзбекистоннинг ЕОИИда "кузатувчи давлат" мақомида иштирок этишини мақсадга мувофиқ топгандилар.

Эндиликда Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида қўшилиш-қўшилмаслигини президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори белгилайди.

Кремль етовидаги Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ташкилотига шу кунда Россиянинг ўзидан ташқари Арманистон, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатлар аъзо. Молдова ЕОИИда кузатувчи мақомига эга.