Марказий банк ва Молия вазирлиги пенсия пулларини ягона банк орқали пенсионерларга етказиш тизимининг самарасиз эканини тан олди ва бу амалиётдан воз кечишга қарор қилди. Бу ҳақда Марказий банк департаменти директори Аброрхўжа Турдалиев 11 май куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Расмийнинг айтишича, “Халқ банки” томонидан 620 мингга яқин Humo банк картаси муомалага чиқарилиб, пенсионерларга тарқатилган эди. Бироқ 7−8 май кунлари Humo тўлов тизимида қатор узилишлар юзага келган ва бу пенсионерларга катта ноқулайликларни туғдирган.
Шундан сўнг Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда бу масалани кўриб чиқиб, “пенсия маблағларини ягона банк орқали пенсионерларга етказиш тизимининг самарасизлиги ва бу амалиётдан воз кечиш лозимлиги бўйича хулосага келинган”.
“Шу муносабат билан пенсионерларга банк хизматларидан фойдаланишда максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида хизмат кўрсатадиган банкларни танлаш имконияти берилади. Бу орқали пенсионерлар ўзларига мақбул бўлган ихтиёрий банкда ҳисоб-рақам очиш орқали уларнинг банк картасидан фойдаланишга имконият яратилади”, деб билдирди Аброрхўжа Турдалиев.