2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази ўзининг расмий сайти орқали маълумот тарқатди.
ДТМ масъуллари инфекция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслигини урғулаганлар.
“Шунинг учун ҳам мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади”, дейилади хабарномада.
ДТМ тест синови ўтказиладиган бинога киришдан олдин абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчаниши, бунгача бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилиниши лозимлигини таъкидлаган.
“Қайд этилган ушбу жараён ҳам карантин чекловлари бутунлай олиб ташлангандан сўнг амалга оширилади”, дейилади хабарномада.