Бухоро вилоятида 27 апрель куни юз берган кучли шамол ва жала оқибатида 41 минг 927 та бино ва иншоотга зарар етган.
Маҳаллий матбуотнинг табиий офат натижаларини бартараф этиш бўйича вилоят штабига таяниб маълум қилишича, биноларнинг 41 минг 85таси турар-жой бинолари ва 842таси ижтимоий объектлардир.
Мутахассислар кўрилган зарар миқдорини 141,6 миллиард сўмга баҳоламоқдалар.
“Айни кунда 24 минг 322 та аҳоли хонадони, 326 та умумтаълим, 160 та мактабгача таълим, 81 та соғлиқни сақлаш ва 88 та бошқа муассасаларда таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланди”, дейилади хабарда.
Қайта тиклаш ишларига 32 минг 530 нафар қурувчи жалб қилинган. Бундан ташқари табиий офат оқибатларини бартараф этишга Мудофаа вазирлигидан 240 нафар (32 бирлик махсус техника), вилоят Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 245 нафар (54 бирлик махсус техника), Ички ишлар вазирлигидан 79 нафар (18 бирлик махсус техника), Миллий гвардиядан 250 нафар (18 бирлик махсус техника) шахсий таркиб амалий ёрдам кўрсатмоқда.