Қирғизистон парламенти депутати Айбек Алтинбеков 12 май куни ўтган Бюджет ва молия қўмитаси йиғилишида Хитой билан чегарадаги “Эргаштом” божхонасидан фақат Ўзбекистонга қарашли “Абу Сахий” ширкатининг юклари олиб ўтилаётганини, қирғиз тадбиркорларига эса юк олиб ўтишга тўсқинлик қилинаётганини айтди.
“Тадбиркорлар бизнинг юкларни ўтказишмаётганидан шикоят қилишмоқда. Бугунги кунда фақат “Абу Сахий” фирмасининг юклари ўтаётган экан”, деди депутат.
Қирғизистон божхона хизмати раҳбари Алтинбек Торутаев депутатнинг бу баёнотини тасдиқламади ва айни пайтда инкор ҳам қилмади.
“Масалан, кеча “Эргаштом” божхонасидан 9 юк машинаси ўтди. Улардан бештаси Қирғизистонга тегишли, қолган тўрттаси транзит юк”, деди Торутаев. Бироқ у бу юклар қайси ширкат томонидан олиб ўтилганини очиқламади.
“Абу Сахий” ширкати 2019 йилда Қирғизистон божхона соҳасидаги коррупцияга оид журналистик суриштирувларнинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлган.
Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати бу ширкатдан инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
Коронавирус муносабати билан 2020 йил бошидан бери ёпиқ турган “Эргаштом” божхонаси апрель ойида қисман очилган эди. Ҳозирда бу божхона пункти орқали Хитойдан кунига 4-5 юк машинасида маҳсулот олиб ўтилаётгани айтилмоқда.