Қирғизистон Олий суди 2010 йилда мамлакат жанубида содир бўлган қонли воқеалар ортидан бир умрга қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров иши бўйича ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, Олий суд мазкур қарорни 13 май кунги мажлисда қабул қилган.
Асқаровнинг кассация тартибидаги аризаси бўйича Олий судда илк маҳкама 25 февраль куни бўлиб ўтганди.
69 ёшли ҳуқуқ фаоли 10 йил аввалги қонли воқеалар чоғида тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Халқаро ташкилотлар қирғиз расмийларини А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келадилар.
2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирганди.
Аввалроқ А. Асқаров Қирғизистон ҳукуматига қарши Бишкек туманлараро судига ҳам ариза берган. Бироқ Қирғизистон қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ортидан Бишкек туманлараро суди фаолиятининг тўхтатилгани туфайли 11 май куни мазкур суд ўтмай қолган. Бу маҳкама қачон ўтказилиши ҳозирча номаълум.