Uzcard’нинг 75 фоиз улуши президент тўнғич куёви Ойбек Турсунов тасарруфига ўтди

Ойбек Турсуновнинг Чеченистон президенти Рамзон Қодиров билан тушган сурати.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов Uzcard брендининг 75 фоиз акциясига эгалиқ ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда Bankirlar.uz канали маълум қилди.

“Очиқланадиган маълумотлар базасидаги маълумотларга кўра, "UZCARD" бренди остида фаолият олиб борувчи "Yagona umumrespublika protsessing markazi" МЧЖ таъсисчилари таркиби янгиланган. Хусусан, жамиятнинг 75 фоиз улушига эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний шахс Маҳмудов Аҳрор Аброровичдан, бошқа жисмоний шахс - Турсунов Ойбек Батирович тасарруфига ўтган”, дейилади хабарда.

Каналнинг хабар беришича, "Yagona umumrespublika protsessing markazi"нинг 25 фоизига эгалик ҳуқуқи Ўзбекистон банклари Ассоциациясига тегишли бўлган. Янгиланган маълумотлар базасида эса бу эгалик ҳуқуқи МЧЖнинг ўзига тааллуқли деб кўрсатиб қўйилган.

Bankirlar.uz бундай ҳолат, яъни МЧЖнинг ўзига ўзи таъсисчи бўлиши қонунчиликка зид эканини таъкидлаган.

Аввалроқ 95 фоиз улуши Ойбек Турсуновга тегишли бўлган Promadik Invest компанияси “Капиталбанк” акцияларининг 36 фоизини сотиб олгани ҳақида хабар берилган эди.