Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими томонидан тузилган онлайн-рўйхатга, 12 май ҳолатига кўра, уйга қайтиш истагини билдирган 55 минг киши киритилган. 11-12 май кунларининг ўзида 14 минг ватандош Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилган. Бу каби рўйхатлар Ўзбекистоннинг Россия ҳудудларидаги Бош консулликлари томонидан ҳам юритилиб, уларда тахминан 10 мингга яқин фуқаро қайд этилган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда баъзи ватандош ва блогерларнинг ўзбекистонликларни Ватанга қайтариш жараёнидан норози бўлиб билдирган фикрлари ва видеолавҳалари тарқалаётганини урғулаган ТИВ ҳозирги пайтда Москвадаги элчихонанинг барча кучлари Ўзбекистон фуқароларини Россиядан имкон қадар тез фурсатда, ўз имкониятлари ва ваколатлари доирасида, олиб чиқишга сафарбар қилинганини қайд этади.
Вазирликка кўра, элчихона қошида тезкор штаб ҳамда 9 та ходимдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилиб, доимий равишда фуқаролар билан иш олиб борилмоқда.
Чартер рейсларига биринчи навбатда кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар, шунингдек, илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар қабул қилинишини таъкидлаган Ташқи ишлар вазирлиги шу важдан ўзбекистонлик муҳожирлардан элчихона дипломатларининг тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб қилган илтимосига биноан зарур маълумотларни лутфан тақдим этишни сўраган.
Вазирлик сўнгги кунларда элчихона ва консуллик бўлими атрофида чартер рейслари орқали Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган фуқаролар тўпланаётгани, бу турли касалликлар, шу жумладан, COVID-2019 коронавирус инфекциясини юқтириш хавфини орттиришидан огоҳлантиради.
“Элчихона Россиядаги ўзбекистонликларнинг COVID-19коронавируси тарқалиши билан боғлиқ вазиятдан хавотирлари ва Ватанга, ўз оила ва яқинлари бағрига қайтиш истагини яхши тушунади. Шу билан бирга, Элчихона Россиядаги ватандошларимиз тўқнаш келаётган молиявий қийинчиликлар ҳақида ҳам хабардор бўлиб, шу кунларда “Меҳр” лойиҳаси доирасида фуқароларимизга бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлаб беришни бошлади”, дейилади ТИВ хабарномасида.