Саратовда ўзбекистонлик муҳожирлар учун лагерь-обсерватор ташкил қилинди (ВИДЕО)

Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолган мухожирлар.

Самара вилояти Большечернигов туманида Ўзбекистонга қайтиш учун чегаралар очилишини кутиб турган 600дан ортиқ ўзбекистонлик учун лагерь-обсерватор ташкил этилди.

ТАССнинг хабар беришича, лагерь мухожирлар орасида коронавируснинг олдини олиш ва уларнинг ўзини яккалаш тартибига риоя қилишларига шароит яратиб бериш мақсадида ташкил этилган.

Самара вилоят ҳокимияти Ўзбекистон фуқаролари бу ерга чегаралар очилгани тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалгани ортидан келганини билдирган.

30 апрель куни Россиянинг турли минтақаларида гуруҳ бўлиб тўпланган муҳожирлар енгил машина ва автобусларда Россия-Қозоғистон чегараси томон колонна бўлиб йўлга чиққан эди. Аммо чегаралар очилмагани ортидан улар чегараолди ҳудудларига тўпланиб қолган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳукуматга мурожаат қилиб, Қозоғистон орқали ватанларига қайтишлари учун коридор очиб беришни илтимос қилмоқдалар.

Айни пайтда¸ Қозоғистон чегара хизмати ўз ҳудуди фақат халқаро юклар транзити учунгина очиқлигини билдирмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун чартер рейслар ташкил қилинишини билдирган эди. ТАССнинг хабар беришича, Москва, Санкт-Петербург, Ростов-Дон, Қозон ва Новосибирскка чартер рейслар 24 майдан ташкил этилади. Бироқ ҳозирча бу хабар расман тасдиқланмаган.

Аввалроқ Оренбург вилоятида ҳам бир неча юз ўзбекистонлик мухожир чегарадан ўтолмай тургани ҳақида хабарлар берилган эди.