Сардоба тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда, дея маълумот тарқатди президент матбуот хизмати 15 май куни.
Аввалроқ президент Ш.Мирзиёев жума куни Сирдарё вилоятига йўл олиб, Сардоба туманида қурилажак кўп қаватли уйлар тамал тошини қўйиб бергани ҳақида хабар қилгандик.
Шундан сўнг давлат раҳбари мазкур туманда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашган. Учрашувда у аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилганини таъкидлаган.
"Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади", деган Ш. Мирзиёев.
Шу йил 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан рўй берган тошқинда 5000 га яқин турар-жой зарар кўргани айтилган.