Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов 1 май куни Сардоба сув омборида тўғон ўпирилгач, Қозоғистон сўровига жавобан, сув омборида "тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади", деб айтилганини тан олган.
Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида мулозимнинг маълум қилишича, 1 май куни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовга шундай маълумот берилган.
Мулозим бу маълумот вазиятга оид дастлабки баҳолашга таяниб, берилганини таъкидлаган.
"Дастлабки баҳолашларда ҳеч ким кутмаган эди, сув омборидан катта миқдорда сув чиқиб кетишини. Шунга асосланиб [Қозоғистон томонига] ҳақиқатан ҳам бу сув омборида тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб айтилган. Лекин, афсуски, ҳеч қандай техноген аварияни олдиндан башорат қилиш қийин. Бунинг талафотини, бунинг кўламини зудлик билан айта олиш жуда қийин. Биринчи он, биринчи лаҳзаларида, улар [Қозоғистон] томонидан сўров бўлганида, ҳақиқатан ҳам шунақа жавоб бўлган. Барча чоралар кўриляпти, сизларга сув етиб бормаслиги учун ёки талафот етказмаслик учун, деган хабарлар бўлган", деган Воҳиджон Аҳмаджонов.
Шунингдек, "Сардобадаги тошқин сувларини Арнасой кўлига йўналтириш чораси самара бермадими?" деган саволга жавобан Воҳиджон Аҳмаджонов, сув тошқинини мавжуд Жанубий Мирзачўл магистрал зовурига (коллектор) йўналтиришда бу каналнинг ўтказиш қобилияти етмаганини айтган:
"Бу атрофда сув чиқариб юборадиган асосий артерия, бу — Жанубий Мирзачўл магистрал зовури (коллектор). Шу орқали сув чиқиб кетади. Умуман, рельеф шунақа тузилганки, энг пастлик жойига ўша коллектор қурилган. Барча сув шу йўналишдан чиқиб кетади. Лекин ҳар бир каналнинг ўз ўтказиш қобилияти бўлади. Ўша канал 120 метр кубли. Шу куни [1 май куни] 300 кубгача сув ўтган. Демак, ўзига нисбатан 2−3 баравар [кўп]".
Шу билан бирга, Воҳиджон Аҳмаджонов Ўзбекистон томони Қозоғистонга минимал даражада зарар етказиш бўйича барча чораларни кўрганини айтиб ўтган.
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши натижасида сув тошқини рўй берган. Тошқин Қозоғистоннинг Мактаарал туманидаги 5 қишлоқни босган, 845 та уй сув остида қолганди.