Тожикистонда коронавирусдан ўлганлар сони 39 кишига етди

Мамлакатда камида 1524 одам коронавирусга чалинган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 17 май ҳолатига кўра, мамлакатда камида 1524 одам коронавирусга чалинган. Беморлардан 39 нафари вафот этган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари расмий маълумотга ишонмасликларини, коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони кўпроқ эканини айтмоқдалар.

Тожик расмийлари коронавирусга чалинган 490 киши касалхонадан чиқарилганини билдирмоқда. Бироқ улар тўлиқ соғайганми ёки даволанишни уйда давом эттириш учун чиқарилганми, деган савол очиқ қолмоқда.

Расман билдирилишича, 4196 одам врачлар назорати остида қолмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Душанбега келган миссияси раҳбари Патрик О’Коннор 12 май куни матбуот анжуманида Тожикистонда коронавирус вазияти тобора кучайиб бораётгани ва катта муаммога айланаётгани тўғрисида гапирганди.

Май ойи бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистонга ўз миссиясини юборишидан олдин Тожикистон ҳукумати мамлакатда коронавирус борлигини инкор қилиб келаётган эди. 29 апрелда эса Тожикистонда коронавирус юқтирган илк беморлар аниқлангани хабар қилинган.