Самарқанд вилоятида “34 кишига коронавирус юқтиргани” айтилган врачга нисбатан жиноят иши бекор қилинди. Бу ҳақда 18 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Хабарда айтилишича, шифокор Х.Д.,га нисбатан жиноят иши асоссиз қўзғатилган, деб ҳисоблаган соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Бош прокурорга жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласининг кўриб чиқилишини сўраб мурожаат йўллаган.
“Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.,га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини аниқлаган”, дейилади хабарда.
Шунга асосан, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилинган.
Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати 14 май куни Самарқанд вилоятидаги туман касалхоналаридан бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган шифокор 34 та одамга коронавирус юқтирганликда айбланаётганини ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилган эди.
Вилоят прокуратураси ўшанда 20 апрелдан 27 апрелга қадар уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаган врач турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 кишига вирус юқтирганини, улар орқали коронавирус яна 23 кишига юққанини иддао қилган эди.