Бош прокуратура 18 май куни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди.
Хабарда айтилишича, Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А., ва туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н., 109 миллион 200 минг сўмни ноқонуний ўзлаштирган. Мазкур маблағ эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармасига берилган эди.
Бундан ташқари, бу икки мансабдор “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 миллион сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланди.
“Мазкур ҳолат юзасидан 16.05.2020 йилда Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади Бош прокуратура хабарида.