Россия патриархи гей экани иддао қилинаётган икки епископни вақтинча четлатди

Россия патриархи қарорида епископларга қўйилган айблов моҳияти ҳақида гап бормаган.

Рус православ черкови патриархи Кирилл 18 май куни Армавир ва Лабинск епископи Игнатий (Бузов)ни ва Костомукш ва Кемск епископи Игнатий (Тарасов)ни епархияларни бошқариш ваколатидан вақтинча маҳрум қилди. Уларнинг бу лавозимга қайтишлари Черков суди қандай қарор чиқаришига боғлиқ бўлади. Ҳозирда бу икки епископ билан боғлиқ иш тергов қилинмоқда.

Патриархнинг қарорида қайд этилишича, епископлар “далил-исботлар билан биргаликда тақдим этилган ҳужжатлар” мавжудлиги ортидан вақтинча четлатилган. Бироқ айнан қандай айблов билдирилаётгани айтилмаган.

15 май куни Credo нашри Костомукш ва Кемск епископи Игнатий тўғрисида интернетда “епархия раҳбарининг гомосексуал эканига оид шов-шувли фотосуратлар тарқалаётгани”ни ёзган эди. Армавир ва Лабинск епископи Игнатий ҳақида ҳам қатор сайтлар ва ижтимоий тармоқларда мана шундай хабарлар тарқалганди.

Костомукш ва Кемск епископи Игнатий (Тарасов) 17 май куни бу каби хабарларга муносабат билдирар экан, уларни “ўзига қарши буюртма” эканини айтган эди.