Европа парламенти депутатлари Қирғизистон ҳукуматини умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилишга чақирди.
Европарламентдаги Renew Europe фракциясининг 6 аъзоси, жумладан, Европарламентнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар делегацияси раҳбари Атиже Алиева Қирғизистон адлия вазири Марат Жаманкуловга бу борада мактуб йўллади.
Мактбуда 69 ёшли Азимжон Асқаровнинг саломатлиги ёмонлашгани, у коронавирусга чалиниш хавфи остида экани таъкидланади, шунингдек, Олий суднинг Асқаров масаласида қабул қилган сўнгги қарори юзасидан афсус билдирилади. Олий суд 13 май куни Асқаровни умрбод қамоққа ҳукм қилган қуйи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдирган.
8 май куни АҚШнинг қатор сенаторлари Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековни сиёсий мотивлар асосида қамалган маҳбусларни қамоқдан озод этишга чақирган эди. Сенаторлар Азимжон Асқаров ишига ҳам эътибор қаратишган.
Ҳуқуқ фаоли 10 йил аввалги қонли воқеалар чоғида тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Халқаро ташкилотлар қирғиз расмийларини А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келадилар.
2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирганди.
Аввалроқ А. Асқаров Қирғизистон ҳукуматига қарши Бишкек туманлараро судига ҳам ариза берган. Бироқ Қирғизистон қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ортидан Бишкек туманлараро суди фаолиятининг тўхтатилгани туфайли 11 май куни мазкур суд ўтмай қолган. Бу маҳкама қачон ўтказилиши ҳозирча номаълум.