Ucell вакиллари ширкат акцияларига Г.Каримова эгалик қилганига оид иддаони рад этди

Гулнора Каримованинг "Ucell" акцияларига эгалик қилгани ва ҳозирги пайтда компания давлат томонидан эмас, бошқа мулкдорлар томонидан муваффақиятли бошқарилаётгани ҳақидаги иддаолар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда "COSCOM" МЧЖ баёнот тарқатди.

Аввалроқ Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Иман онасидан олиб қўйилган мол-мулк рўйхатини эълон қилган, Ўзбекистоннинг амалдаги президентига мурожаатномада улар, жумладан, UCell акциялари ҳам онасига тегишли бўлганини иддао қилгандилар.

Бунга жавобан ширкат вакиллари "Ucell" савдо белгиси остида фаолият олиб борувчи уяли алоқа оператори 100 фоиз давлатга тегишли компания эканини урғулаганлар.

Қайд этилишича, 2018 йил 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Швеция ҳукуматига тегишли Telia гуруҳидан COSCOM устав капиталидаги 100 фоиз улушни 215 миллион долларга ва Telia гуруҳининг COSCOM компаниясига 485 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз мажбуриятларини тўлаб сотиб олган. Битим бир нечта давлатларнинг ваколатли органлари томонидан амалга оширилганда, Г. Каримованинг компания акцияларига алоқаси йўқлиги аниқланган.

“Шундай қилиб, 2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси ваколатли агентлиги орқали COSCOMни Telia компаниялар гуруҳидан сотиб олди ва энг муҳими, унга эгалик қилишни ва бошқаришни давом эттирмоқда. COSCOMни сотиб олиш жараёни бир қатор давлатларнинг барча зарур ҳуқуқий, молиявий ва тартибга солиш талабларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилган”, дейилади хабарномада.

UCell вакилларига кўра, “юқорида келтирилган хатдаги ягона ҳақиқат COSCOM муваффақиятли бошқарилиб келинаётганлиги”дир.