Тожикистонда Рамазон ҳайити 24 майга белгиланди

Душанбедаги ҳайит намозидан лавҳа (архивдан олинган сурат).

Тожикистонда Ийдул-Фитр ёки Рамазон ҳайити бу йил 24 май куни нишонланади. Бунга оид қарор мамлакат Ислом маркази Уламолар кенгаши томонидан 20 май куни қабул қилинди.

Айни пайтда бу йил коронавирус пандемияси туфайли Рамазон ойи охирида жамоат бўлиб ўқиладиган ҳайит намози бекор қилинган. Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши 18 май кунги қарори билан онлайн намоз ўтказиш таклифини рад этган, бунинг Ҳанафий мазҳаби аҳкомларига зид эканини билдирганди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига мувофиқ, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони, 20 май соат 17;00 ҳолатига кўра, 2140 кишига етган. Расмий маълумотларда COVID-19 важидан 41 киши ҳаётдан кўз юмгани айтилади. Айни пайтда 470 бемор соғайиб кетган.

Тожикистонда коронавирус ёйилиши туфайли 18 апрелдан жамоат намозлари ва диний маросимлар бекор қилинган.