ССВ Андижонда одам ўлимига "Тез ёрдам"нинг кеч келгани сабаб бўлганини инкор қилди

Расман билдирилишича, "Тез ёрдам" 7 дақиқада етиб келган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижонда “Тез ёрдам” кўчада хушсиз бўлиб қолган одамга ёрдам бериш учун 40 дақиқада етиб келгани тўғрисидаги хабарларга раддия берди.

20 май куни ижтимоий тармоқларда кўчада бир шахс йиқилиб қолгани, чақиртирилган “Тез ёрдам” эса 40 дақиқада етиб келгани, бунинг оқибатида фуқаро воқеа жойида вафот этгани тўғрисидаги видеолар тарқатилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу воқеа зудлик билан ўрганиб чиқилганини ва “Тез ёрдам” воқеа жойига 40 дақиқада етиб боргани тўғрисидаги маълумот ёлғон экани аниқланганини расман билдирди.

“Жорий йил 20 май куни соат 12:12да Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчасидаги “Доктор Магнус” хусусий тиббиёт клиникаси рўпарасида номаълум шахс нинг велосипеддан йиқилиб, ҳушсиз ётганлиги тўғрисида Андижон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига чақирув бўлган.

Чақирувни қабул қилган тез тиббий ёрдам диспетчери тез тиббий ёрдам бригадасига соат 12:14да етказган. Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига соат 12:21да, яъни 7 дақиқада, ўз вақтида етиб борган. Тиббиёт ходимлари томонидан ҳушсиз ётган фуқаро текширилганда, ўлим ҳолати белгилари аниқлангач, “тез ёрдам” шифокори томонидан соат 12:30да ички ишлар органларига хабар берилган, улар эса соат 12:44да воқеа жойига етиб келган”, дейилади расмий баёнотда.

Вазирликнинг билдиришича, дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасига қараганда, вафот этган фуқаро 1951 йилда туғилган А.М., бўлиб, Андижон шаҳар Гумбаз МФЙда яшаган. Яқинларининг сўзига кўра, у юрак хасталиги билан оғриб келган ва 2 марта юрак хуружини ўтказган. Унинг ўлимига “Сурункали юрак ишемик касаллиги. Юрак тож қон-томирлари атеросклерози. Юрак миокард инфарктидан кейинги кардиосклероз. Юрак чап қоринча мушаклари қон айланишининг бузилиши. Ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги” сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз баёнотида Андижон шаҳридаги 441 минг 713 нафар жами 34 та тез тиббий ёрдам бригадаси хизмат кўрсатаётганини таъкидлаган.