Украина парламентидаги президент Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” фракцияси АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байденнинг украин собиқ президенти Петро Порошенкога таъсир кўрсатгани эҳтимоли юзасидан текширув ўтказиш учун махсус комиссия ташкил этиш ташаббусини кўтарди.
Депутат Андрей Деркач 19 май куни Порошенко Байден ва собиқ давлат котиби Жон Керри билан Украина ички сиёсатига оид масалаларни муҳокама қилаётгани иддао этилган аудиоёзувни эълон қилганди.
Аудиоёзувда, жумладан, Виктор Шокин ўрнига янги бош прокурорни тайинлаш эвазига Вашингтон Киевга Халқаро валюта фондидан бир миллиард доллар ёрдам олишга кўмаклашиши ҳақида сўз боради. Виктор Шокин ўша пайтда Байденнинг ўғли директорлар кенгашига аъзо бўлган Burisma хусусий нефть ширкати фаолияти устидан жиноят иши қўзғатган эди.
Айни пайтда The Washington Post украин депутати ошкор этган ёзувда Жо Байден Шокиннинг истеъфосини талаб қилганига оид ҳеч қандай исбот-далилар мавжуд эмаслиги ҳақида ёзди. Газета депутат Деркачнинг шахсига тўхталар экан, у 1993 йилда Москвада КГБ мактабини тугатганини эсга олди.
Президентликка ўз номзодини кўрсатган Жо Байденнинг сайлов штаби эса аудиоёзувни собиқ вице-президентни обрўсизлантириш учун Россия томонидан амалга оширилаётган ҳаракатининг бир қисми сифатида изоҳлади. Жо Байденнинг ўзи эса аввалроқ Шокин коррупцияга аралашгани ортидан унинг истеъфосини талаб қилганини айтган.
Порошенко эса бу аудиоёзувни сохталаштирилган ва “Украинага қарши қаратилган кенг миқёсли амалиётнинг бир қисми”, деб баҳолади.