Тожикистоннинг “Тожик эйр” авиаширкати 20 май куни Россиядан депортация қилинган 213 тожикистонлик муҳожирни ва бир неча жасадни Москвадан Душанбега олиб келди.
Муҳожирлар белгиланган тартиб асосида карантинга олинди. Уларнинг орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
“Бу махсус рейс турли қонунбузарликларни содир этгани учун Россиядан депортация қилинган тожикистонликларни олиб келиш учун ташкил этилган. Тожикистон билан Россия ўртасида доимий парвозларни амалга ошириш ҳозирда тўхтатилган. Бу махсус рейсни уюштириш масаласида икки давлат ҳукуматлари ўзаро келишиб олган, чунки Тожикистон фуқаролари 30 кундан кўпроқ вақтдан бери муҳожирлар учун спецприёмникларда сақланиб келинаётган эди”,- деб билдирди Озодлик радиоси тожик хизматига исми сир тутилишини илтимос қилган ҳукумат расмийси.
Ҳуқуқ фаоли Иззат Амон мазкур чартер рейси билан Россияда турли сабаблар билан вафот этган ва моргларда сақланаётган тожикистонликларнинг жасадлари ҳам олиб келинишини айтган эди. Ҳукумат расмийси бу маълумотни тасдиқламади ва айни пайтда рад ҳам этмади.
“Тожикинфо” агентлиги эса ўз манбаларига таянган ҳолда чартер рейси билан Москвадан 28 тожикистонликнинг жасади олиб келинганини ёзди.