Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бўлган оилаларга 2,5 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатган.
Марҳамат тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, А. Усмонов томонидан берилган молиявий ёрдам маблағлари йўналтирилган банк карталари 20 май куни “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ходимлари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тумандаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳақиқатдан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган 1000 та оиланинг ҳар бирига 2,5 миллион сўмдан етказиб берилган.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Алишер Усмонов Наманган шаҳри, Чуст тумани ва Наманган туманидаги 5 минг чоғли оилага ҳам 12,5 миллиард сўм улашган. Ёрдам пулини тарқатиш учун боқувчисиз қолган ва ногиронлари бўлган оилалар танланган.
Аввалроқ Алишер Усмоновнинг Сардоба тошқинидан жабрланган ўзбекистонларга 10 млн доллар, қозоғистонликларга эса 5 млн 202 минг доллар ажратгани ҳақида хабар қилинганди.
Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган Алишер Усмонов узоқ йиллардан бери Россия ва Британиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Forbes маълумотига кўра, унинг бойлиги шу кунда 13,4 миллиард долларга тенг.