Марказий Осиё ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари коронавирусни муҳокама қилди

Марказий Осиё харитаси.

21 май куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўрнибосарлари видеоконференцалоқа шаклида коронавирусга қарши кураш ишларини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирок этганди.

“Коронавирус пандемияси оқибатлари олдини олиш, жумладан, МДҲ мамлакатлари ҳудудларида бўлиб турган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатишда томонларнинг ваколатли идоралари ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Бундан ташқари йиғилишда Афғонистондаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро муносабатлар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-коммуникация соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш бўйича фаол қўшма ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.