Президент Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясини хорижий ширкат бошқарувига бериш масаласини кўтарди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 25 майда хабар берди.
Расмий маълумотда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Ўзбекистондаги транспорт корхоналари карантин чекловлари сабабли ҳозиргача 340 миллиард сўм зарар кўрган. Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча бу рақамлар яна ошиши қайд этилган.
“Шу боис, соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Масалан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди”, - дейилади расмий хабарда.
Шундан келиб чиқилган ҳолда, рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясини нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.
Бундан ташқари аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.