Қирғизистондан Ўзбекистонга турмушга чиққан 50 нафар аёл оиласи бағрига қайтди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати 26 май куни хабар берди.
Аввалроқ Ўзбекистондан Қирғизистонга яқинларини кўриш учун келган 50 аёл коронавирус туфайли чегаралар ёпилгани ортидан уйларига қайта олмаётгани хабар қилинган эди.
Қирғизистон Чегара хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон томони уларни 23 май куни ўз ҳудудига ўтказишга рухсат берган. Шу куни аёлларниг барчаси Ўшдаги “Дўстлик” чегара пункти орқали Ўзбекистонга қайтган.
Ўз уйларига қайта олмаётган мазкур аёллар 21 май куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ўшдаги ваколатхонасига келиб ёрдам сўраган эдилар.