Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Душанбега галдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу сафарги 24 тоннали юк дори-дармонлардан, асосан, антибиотиклардан иборатдир.
Душанбе мэриясидаги манба Asia-Plus нашрига Душанбега етиб келган ёрдам юки пойтахт соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармасига топширилганини маълум қилган.
Манбага кўра, Душанбе мэри тегишли тузилмаларга олинган дори-дармонларни ўз ўрнида ва коронавирусга чалинганларни бепул даволаш учун ишлатилишини назорат қилишни топширган.
Қайд этилишича, инсонпарварлик ёрдами ўлароқ келган дори-дармонлар “Samarkand England Eco-Medical” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон Тожикистонга шу йил 9 апрель куни 18 вагонда ун, тозалаш воситалари, тиббий халатлар, қўлқоплар, ниқоблар, кўзойнаклар, респиратор ва пирометрлардан иборат гуманитар ёрдам йўллаганди.
Шу йил 8 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан қўшни мамлакатга яна 10 тонна тиббий жиҳоз ва воситалар, жумладан, 10 та ўпка сунъий вентиляцияси аппарати етказилган. 9 май куни Душанбега Ўзбекистондан яна 144 та мобил тиббий контейнер етиб борган.