Андижон вилоятининг Избоскан туманида 25 май куни расмийлар томонидан “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида пиёда юриш ташкил этилган. Бу ҳақда Избоскан тумани ҳокимлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Ҳокимлик мазкур тадбир “Ўзбекистон президентининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида андижонлик фаоллар билан ўтказган йиғилишида аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун “Андижон намунаси” асосида ҳар куни кечки юришни ташкил этиш бўйича берган топшириқ ижросини таъминлаш, туман аҳолисини саломатлигини янада яхшилаш мақсадида” уюштирилганини билдирган.
Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи бир фуқарода 23 май куни коронавирус инфекцияси аниқланган, бу борада туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази маълум қилганди.
Қайд этилишича, избосканлик бемор билан мулоқотда бўлган 51 киши карантинга олинган.