Афғонистон расмийлари оташкесимнинг сўнгги куни бўлган 26 майда Толибонга алоқадор яна 900 нафар маҳкумни қамоқдан озод этишни режалаяпти. Душанба куни расмий Кобул 100 нафар маҳкумни озод қилганди.
Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан 24 майдан бошлаб эълон қилинган жанг ҳаракатларини вақтинча тўхтатиш амалиётига, расмийларга кўра, мамлакатнинг аксар ҳудудларига риоя қилинмоқда.
Толибон вакилларининг оташкесим таклифига жавобан Афғонистон ҳукумати мазкур ҳаракатга алоқадор икки минг нафаргача жангарини озодликка чиқаришни ваъда қилган.
“Бугун 900 кишини озод қилиш бўйича қарор қабул қилинган”, деди Афғонистон миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жовид Файсал 26 май куни. У ҳуқуқий процедуралардан келиб чиққан ҳолда якуний рақам ўзгариши мумкинлигини қўшимча қилган.
Февраль ойида Қўшма Штатлар ва толиблар АҚШ тарихидаги энг узоқ ҳарбий амалиётни поёнига етказишга йўналтирилган битимни имзолагандилар. Ҳужжат Толибон зиммасига хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбуриятлар юклаш эвазига АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тартибини белгилайди. Битим билан Кобул Толибон тарафдори бўлган тақрибан беш минг маҳкумни озод этиши, Толибон эса ҳукумат тарафдори бўлган мингга яқин асирни озод қилиши лозимлиги ҳам шартлашилган. Бу чоралар Афғонистонда ички музокаралар бошланишига туртки бериши керак, деб ҳисобланмоқда.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳукумат узоқ йиллардан бери давом этаётган урушни тўхтатиш учун асосий омил ўлароқ кўрилаётган толиблар билан тинч музокаралар олиб боришга ҳозирлигини билдирган.