Европа Иттифоқи коронавирус инфекциясига қарши эмдори ишлаб чиқиш учун 9,5 миллиард евро маблағ тўплади. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билдирди.
4 май куни ЕИ лидерлари COVID-19 га қарши курашга маблағ йиғиш учун виртуал саммит ўтказгандилар. Урсула фон дер Ляйенга кўра, биринчи босқичда зарур бўлган 7,5 миллиард евро йиғилган. Кейин эса хусусий шахслар, давлат тузилмалари ва жамғармалар хайрияни давом эттирганлар.
ЕИ мулоҳазасича, жамғарилган маблағ коронавирусни глобал миқёсда тадқиқ қилиш ҳамда кейинги босқичда вакцина ва дори-дармонлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Дори-дармонлардан барча давлатлар, шу жумладан, энг қашшоқ мамлакатлар ҳам фойдалана олиши лозим.
Коронавирус вакцинаси синовини айни пайтда бир неча ўн тадқиқот гуруҳи олиб бормоқда. Бир неча препарат тест учун тайёр ёки аллақачон одамларда синалмоқда. Бироқ мутахассислар эмдори бозорда бир йилдан аввал пайдо бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 5,6 миллиондан ошган, қурбонлар сони эса 350 мингга яқинлаб қолган.