ОАВ: Нарпай ҳокими рўзадор ўқитувчиларга ҳожатхона тозалатди

Ўзбекистонда турли касб эгаларини тозалаш ишларига жалб қилиш анъанага айланган.

Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани ҳокими Ботир Жабборов рўза пайтида тумандаги мактаб ўқитувчиларини мактаб ҳожатхоналарини тозалашга жалб қилган. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.

Нашр, шунингдек, ҳожатхона тозалаётган ва таъмирлаётган ўқитувчилар фотосуратларини ҳам эълон қилган.

“Таъкидланишича, ҳоким топшириғига кўра, мажбурий тарзда ҳожатхона таъмирлашга жалб қилинган ўқитувчилар вилоятда карантин бўлишига қарамасдан, ўз имкониятларидан келиб чиқиб мактабга қатнаган. Ҳожатхоналар таъмири қандай кетаётганини аниқлаш мақсадида ҳоким ўринбосари Асқар Рустамов бошчилигидаги ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев, туман касаба уюшмаси раҳбари Муҳаммад Жумаевлардан иборат гуруҳ ҳар куни мактабларга бориб, ҳолатни ўрганган”, - дейилади хабарда.

Хабарда қайд этилиишча, 22 май куни тасвирга олинган видео ҳам таҳририятда мавжуд. Мазкур видеода 32-мактабда бўлганида ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев таъмирдан кўнгли тўлмай, мактаб директорини турткилаб ташлагани акс этган.

“Мактаб директори ўқитувчилар рўзадорлиги учун жисмоний меҳнатдан қийналаётганини айтган вақтда мудир ‘сен буюрилган ишни қил’ деб директорни туртган”, — деб иқтибос келтиради “Дарё” таҳририятга келган мурожаатдан.