Мақомчилар ва бахшилар учун алоҳида институт ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Ўзбек мақом санъати факультети” ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилади. Бу ҳақда, маҳаллий матбуот хабарига кўра, президент Ш. Мирзиёев томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилади.

Ҳужжатда давлат муассасаси шаклидаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши ҳамда Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилиши ҳам қайд этилган.

Шунингдек, президент фармонига мувофиқ, В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари мактаб-интернатлар учун белгиланган имтиёзларни татбиқ қилган ҳолда тегишлича В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабларига айлантирилади.

Айни пайтда Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилади.