Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилиб, энг юқори ишсизлик даражаси 9,8 фоиз билан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида, 9,7 фоиз билан Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (7,8 фоиз) аниқланган. Бу маълумотлар молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси юзасидан ҳисоботида акс этган.
Мазкур ҳисоботни вазир ўринбосари, Олий мажлис Қонунчилик палатаси сайти маълумотига кўра, 26 май куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоларига тақдим этган.
Мулозимга кўра, ҳисобот даврида ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли (ишсизлар) сони 1 399,7 минг кишини ташкил этган.
Йиғилишда ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб этиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш учун, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 24 майдаги тегишли Фармонига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасини ташкил этиш муҳим қадам бўлгани қайд этилган.
Депутатлар аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини қисқартириш ҳозирги пандемия шароитида ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини айтишиб, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар оилавий бюджети даромадларини ошириш мумкинлигини таъкидлаганлар.