Ўзбекистонда 500дан кўпроқ бозор хусусийлаштирилади

Тошкентдаги "Олой" бозори.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 1 минг 400 га яқин корхонанинг давлат активларини хусусий инвесторларга беришни тезлаштиришга кўрсатма берди.

27 май куни ўтган туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида президент Вазирлар Маҳкамасига хусусийлаштириш дастурини тасдиқлаш вазифасини берди.

Давлат активларини бошқариш агентлигига тармоқ раҳбарлари билан бирга самарасиз ишлаётган 711 та корхонани тугатиш, 262 та корхонани қайта ташкил этиш, шунингдек, 500 дан зиёд бозорни хусусийлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат ихтиёрида сақлаб қолинадиган корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш бўйича янги тизим жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Президент матбуот хизмати тарқатган расмий билдирувда айтилишича, айни пайтда Ўзбекистонда 2 минг 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.

Хабарда айтилишича 2020 йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 минг 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.