Ҳибсхонадаги Атамбаев сафдошларини парламент сайловларига ҳозирлик кўришга чақирди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

Шу кунда тергов ҳибсхонасида сақланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаев депутат Анвар Ортиқовни Қирғизистон социал-демократлар партияси раиси лавозимига сайлангани билан табриклади. Собиқ давлат раҳбари томонидан ёзилган хатни унинг ўғли Сейитбек Атамбаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали ёйинлади.

Атамбаев ўз хатида тарафдорларини партиянинг янги раиси дастаклашга, “ғийбат ва майда-чуйда гапларни эсдан чиқариб, Ортиқов атрофида бирлашиш”га чақирган.

“Партия раҳбариятини принципиал ва саботли одамлар билан мустаҳкамлаш лозим. Серғайрат, журъатли кадрлар ҳам керак. Сафларимизни парчаламоқчи бўлганлардан халос бўлиш лозим. Парламент сайловига ҳозирлик кўриш вақти келди”, деб ёзган собиқ президент.

ҚСДП сиёсий кенгашининг сўнгги мажлисида партия раиси вазифасини бажарувчи Асель Қўдуранова ўз ваколатларини Анвар Ортиқовга топширган. Раис ўринбосарлари Рискельди Мўмбеков ва Қундуз Жўлдубаевалар ҳам ваколатларини топширганлар, бироқ партия сафини тарк этмаганлар. Партияни депутат Ирина Карамушкина дохил Қирғизистонда танилган яна бир неча сиёсатчи тарк этган.

ҚСДП собиқ лидери Алмазбек Атамбаев ҳозирда Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди. Собиқ президент 2019 йил августида Қўйтош қишлоғида содир бўлган воқеалар ортидан ҳибсга олинган. Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбаевга мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаси (шу жумладан ўта оғир жиноятлар) бўйича айблов эълон қилинган.