Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (ССВ) хабар қилишича, 2020 йил 30 май соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3523 нафарга етган ва янги ҳолатларнинг 9 таси Тошкентда аниқланган.
9 ҳолатнинг барчаси аҳоли орасидан аниқланган.
Буни маълум қилган ССВ вирусга чалинганлар Тошкентнинг қайси қисмидан аниқланганига ойдинлик киритмади.
Тошкентда 30 май кечга қадар аниқланган яна бир бемор Карантин марказидаги хориждан келган фуқаролардан биридир.
Сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусга чалинган янги шахсларнинг аҳоли орасидан аниқланиш ҳоллари кўпаймоқда.
Расмий баёнотлардан маълум бўлишича, вирус Самарқанд, Навоий, Бухоро, Наманган ва Тошкент шаҳарларида аҳоли орасидан аниқланмоқда.
31 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 3584, тузалганлар 3 минг кишига яқин, 14 бемор вафот этди.
Ўзбекистонда карантин муддати 15 июнгача узайтирилди. Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.
Дунёда эса вирус юқтирганлар расмий сони 6 миллион 80 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 369 мингдан ошиқ, тузалганлар 2 миллион 575 мингдан ошиқ.