Якшанба, 31 майга ўтар кечаси АҚШдаги норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетгани ортидан бир қатор шаҳрларда комендантлик соати жорий этилди.
Намойишлар Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.
Нью-Йорк, Вашингтон, Атланта, Чикаго ва Лос-Анжелесда энг йирик намойишлар бўлиб ўтди.
Беш кун давом этган намойишлар ортидан 30 май куни АҚШнинг 20дан ортиқ йирик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилган эди. Миннеаполис, Атланта, Лос-Анжелес, Сиэтл, Чикаго, Филадельфия, Питтсбург, Денвер, Майами ва бошқа шаҳарларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.
46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойни оқ танли полициячи Дерек Шовин қалбаки доллардан фойдаланганликда гумонлаб қўлга олган эди. Қўлга олиш жараёнида у Жорж Флойни ерга йиқитиб, қўлига кишан урган ва тиззаси билан унинг томоғини босиб турган.
Жорж Флой полициячига бир неча маротаба “Мен нафас ололмаяпман”, деб айтган. Бу воқеага гувоҳ бўлган 20дан ортиқ киши полициячини тартибга чақирмоқчи бўлган. Аммо уларга бошқа полициячилар тўсқинлик қилган.
Жорж Флойд Миннеаполис касалхонасида 25 май куни вафот этди. Полициячи Дерек Шовин “қасд қилмасдан одам ўлдиришлик” айблови билан ҳибсга олинди.
Сўнгги маълумотларда айтилишича, АҚШнинг 22 шаҳрида норозилик намойишларида тартибни бузган 1669 одам ҳибсга олинди.
АҚШ президенти Дональд Трамп норозилик намойишлари пайтида тартибсизликларни содир этганларга нисбатан жиддий жазо чоралари қўлланиши ҳақида аҳолини огоҳлантирди.