Ўзбекистон Омбудсмани ИИВ тергов ҳибсхоналарида қийноқлар мавжудлигини тан олди

Ҳозиргача Ички ишлар вазирлиги бу хабарга бирон бир муносабат билдирмади.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев 29 май куни Бош прокуратурада ўтган брифингда маҳбусларга нисбатан қийноқ ИИВ тергов ҳибсхонларида содир этилишини тан олди. Бу ҳақда “Кун уз” 31 май куни хабар берди.

Омбудсман қийноқлар юзасидан келиб тушган мурожаатларга изоҳ берар экан:

“Бу ҳолатлар жазони ижро этиш муассасасида эмас, Ички ишлар вазирлигининг тергов тизими билан боғлиқ бўлган. Асосий қисми – 80-90 фоизи Ички ишларнинг тергов тизими билан боғлиқ бўлган мурожаатлар”,- деб айтган.

Айни пайтда Омбудсман йил давомида қийноқларга солингани тўғрисида арз қилган маҳбуслар ва маҳкумлар сони ҳақида аниқ рақамларни айтмаган.

Шу билан бир қаторда, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов Омбудсманнинг сўзларини тасдиқлаган ҳолда, 2019 йилда қийноққа солиш бўйича жазони ижро этиш муассасаларининг бирорта ходими жавобгарликка тортилмаганини қўшимча қилди.

Унга кўра, бу ҳолат жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар деярли йўқлигини тасдиқлайди.

“Маҳкумлар томонидан қийноққа солиш бўйича Омбудсманга юборилган мурожаатларнинг жуда оз қисми уларнинг жазо муддатини ўташ даври билан боғлиқ. 2019 йилда маҳкумларни қийноққа солиш ёки тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолат бўйича жазони ижро этиш тизими, жазони ижро этиш муассасасининг бирорта ходими жавобгарликка тортилмади”, - деб айтган расмий.

Жамшид Султоновнинг таъкидлашича, қийноқлар борасида йилдан йилга маҳкумлар томонидан мурожаатлар сони кескин кўпайгани “маҳкумларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ошиши билан ҳам боғлиқ”.

“Жазони ижро этиш муассасаларида ҳар биттасида омбудсман қутиси, прокурор қутиси жойлаштирилган, лекин мурожаат қилинмас эди. Бунинг сабаблари кўп бўлган, уларнинг асосийси маҳкумларда мурожаат қилган билан унинг ижобий ечим топишига ишонч бўлмаган. Сўнгги йилларда олиб борилган ишлар натижасида мурожаатлар сони ҳам кўпайяпти, зарур ҳолларда жазони ижро этиш тизими кўрмаётган ёки тергов, суд органларида эътиборидан четда қолаётган масалаларга эътибор бериб, улар келгусида содир этилмаслиги бўйича ишлар амалга ошириляпти”, деб айтган Жамшид Султонов.

Бош прокуратурада ўтган брифингда ИИВ ҳибсхоналарида қийноқлар мавжудлиги айтилган бўлсада, ҳозиргача Ички ишлар вазирлиги бу хабарга бирон бир муносабат билдирмади.