АҚШда ижтимоий тенгсизликка қарши намойишларнинг олтинчи туни бир неча шаҳар кўчаларида тартибсизлик ва зўравонлик қабатида кечди.
Норозилик чиқишларига Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида полициячилар томонидан тутилган афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган.
Тартибсизликлар туфайли тақрибан 40 шаҳарда комендантлик соати жорий этилганига қарамай, одамлар аксар ҳолларда чекловларга эътибор қилгани йўқ. Нью-Йорк, Чикаго, Филадельфия ва Лос-Анджелесда норозилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлгани хабар қилинмоқда. Оломонни тарқатиш учун полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солган. Бир неча шаҳарда талончилик ҳолатлари қайд этилган. Одамлар дўконларга бостириб кириб, талон қилганлар, полиция автомобилларини ёқиб юборганлар.
АҚШда расмийлар томонидан фавқулодда вазиятлар чоғида ишга солинадиган Қуроллик кучларнинг махсус тури – Миллий гвардия 15 та штат ва пойтахт Вашингтонда тартибни сақлаш учун ҳозирда ўзининг беш минг чоғли жангчиси сафарбар қилинганини маълум қилди. Вашингтонда оломон яна Оқ уй олдида йиғилган. Норозилар гулханлар ёққанлар, махсус бўлинма ходимлари томонга эса вақти-вақти билан тош отилиб турган.
Бунгача АҚШ президентининг қароргоҳи олдида ғала-ғовурли намойишлар жума ва шанба кунлари бўлиб ўтганди. АҚШ махфий хизмати олти киши ҳибсга олинганини маълум қилган. Норозиларнинг қўриқчилар билан тўқнашгани қайд этилган. Намойишчиларнинг айримлари тўсиқлари қўпориб ташлашга уринган, махфий хизмат ходимларига қарши ғишт, тош, шиша, петарда ва бошқа буюмларни отишган.
Жума куни президент Дональд Трамп рафиқаси ва ўғли билан бирга хавфсизлик важидан бир муддатга Оқ уй остидаги бункерга жойлаштирилгани маълум бўлди.
Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда. Флойд сохта банкнотадан (пул) фойдаланганликда гумонланган. Полицейчи Дерек Шовин афроамерикаликни зарарсизлантиришга ҳаракат қилиб, тиззаси билан унинг бўйнини босган ва тутилган шахснинг ҳаво етишмаётганига оид шикоятларига эътибор бермаган. Ҳодиса акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаган.
Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган тўрт полициячининг ҳаммаси хизмат текшируви тугагунига қадар ишдан четлатилган. Шовин ҳибсга олинган. У эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдирганликда айбланмоқда.
Аввалроқ президент Трамп Твиттер орқали аъзолари шу кундаги зўравонлик тўлқинига алоқадор бўлиши мумкин бўлган “Антифа” ультрасўл ҳаракатининг террорчи ташкилот ўлароқ тан олинишига эришиш ниятида эканини билдирган. Бундан ташқари, Трамп тартибсизликларни тийиб туришдаги ғайрати учун Миллий гвардияга миннатдорчилик билдирган. Шунингдек, АҚШ президенти оммавий ахборот воситаларига танқид ёғдирган. Унга кўра, ОАВ “нафрат ва анархияни авж олдириш учун қўлларидан келган барча ишни қилмоқдалар”.