Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек-қирғиз чегарасининг “Чашма” участкасида юз берган можарога “маҳаллий даражадаги ҳодиса”, дея баҳо берди. Бу ҳақда вазирликнинг ўз Телеграм-канали орқали 1 июнь куни ёйинлаган хабарномасида айтилади.
Вазирлик қайдича, 2020 йил 31 май куни содир бўлган “воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, “Чашма” булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан”.
Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар борлигини эътироф этган ТИВ уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилади.
Хабарномада икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олингани, томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олгани урғуланади.
“Чашма” булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд”, дейилади ТИВ хабарномасида.
1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири А. Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қ. Бўрўнов ўртасида бўлиб ўтган учрашув ҳақида тўхталган вазирлик у ерда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилингани, “трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида 2017 йил 6 октябрида имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришилгани”ни маълум қилди.
Ўзбек дипломатларига кўра, ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон Республикасининг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари кенгашини ўтказишга келишиб олганлар.
Аввал хабар қилганимиздек, 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлар. Можаро чоғида ўнлаб одам жароҳатланган.