Бундан 10 йил муқаддам Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар ортидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг қатор сиёсатчилари ва собиқ депутатларига очиқ мурожаат билан чиқди.
У қамоқхонада ноҳақ ўтирганини, милиционер Сулаймановнинг ўлимига ўз ҳамкасблари сабаб бўлганини айтиб, ноҳукумат ташкилотлари (НҲТ) тўғрисидаги лойиҳанинг парламентдаги муҳокамаси чоғида ўзига қарши билдирилган фикрларга жавоб берди.
Асқаровнинг мурожаатида: “Менга қарши ёлғон иддаолар юқори минбарлардан 10 йилдан бери бетўхтов айтиб келинмоқда. Бейшенбек Абдразақов ва Дуйшўн Абдилдаев менинг ишимга тўхталиб, тарафдорларимни “сотқин” деб аташди. Миллатчилик инсоннинг энг ёмон хусусияти. Июрь воқеалари тўғрисида етарли фактларни келтирганман, агар улар етмаса, ундан ҳам кўп маълумот бера оламан”, дейилган.
22 май куни парламент биносида НҲТ тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича муҳокама бўлиб ўтганди. Бу мажлисга бир қанча ташкилот вакили қатнашиб, уларнинг кўпи қонун лойиҳасини қўллаб, нутқ сўзлаган. Муҳокамага қатнаша олмай қолган 70 чоғли ташкилот мазкур қонунга қаршилигини билдириб, баёнот тарқатган.
Парламентдаги муҳокама иштирокчиси, собиқ депутат Бейшенбек Абдразақов ўз сўзида: “Июнь воқеаси чоғида 500 киши қазо қилган. Булар Азимжон Асқаровнинг, Қодиржон Ботировнинг ёнини олиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотигача бориб юришибди. Нима учун қамоқда ётган бошқа фуқароларимизнинг, аёлларнинг, ҳомиладор аёлларнинг ёнини олмайди? Шунинг учун ҳам қонунни тез орада қабул қилиш керак”, деган.
Қирғизистондаги жамоатчилик жамғармаларидан бирининг раҳбари Дуйшўн Абдилдаев эса: “Жинояти тўла исботланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган кишиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, озод қилишни талаб қилишяпти. Азимжон Асқаров, Қодиржон Ботировгача”, деган.
Ёши 70 ни қоралаган жалолободлик Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Олий судгача бўлган барча инстанциялар илк инстанция суди қарорини ўз кучида қолдирган.
2016 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқхонада қийноққа дучор этилгани, тиббий кўмак ва адолатли суд билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини қайд этган. Қирғизистон томони бу иддаони рад этган.
Шу йил 1 июнидан Бишкек шаҳар маъмурий суди Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикоятини кўриб чиқа бошлади. Жалолободлик ҳуқуқ фаолининг иши бўйича кейинги суд мажлиси 14 июнга белгиланган.