Соғлиқни сақлаш вазирлиги Китоб туманида коронавирусда гумонланган бемор Covid-19дан эмас, ёндош касалликдан ўлгани ҳақида 1 июнда маълум қилди. Аммо шунга қарамай Китоб тумани ёпиқлигича қолмоқда.
Вазирлик баёнотида айтилишича, 1963 йилда туғилган фуқаро Н.О., 9 май куни Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтган ва Тошкент вилоятидаги Карантин марказига тиббий кузатувга олинган. 10 май куни у коронавирусда гумонланиб Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган.
Ўтказилган диагностик тахлиллардан сўнг беморда Covid-19 инфекцияси аниқланмаган. Бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволанган.
“Бемор 29 май куни Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Коронавирус инфекциясига олинган тахлил унда гумон натижани қайд этгани боис суртма намуналари 31 май куни ўрнатилган тартибга кўра, махсус лабораторияга юборилган. Шу куни у ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан вафот этган”, - дейилади хабарда.
Вазирликнининг билдиришича, коронавирусга гумонланган марҳум билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар эҳтиёт чораси сифатида стационар ва уй карантинига олинган. Китоб туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.
“Шу йилнинг 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмади. Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик тахлил ҳам Н.О. “Covid-19” инфекциясига чалинмаганлигини кўрсатган. У ёндош касалликлар туфайли вафот этганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, қатъий санитария қоидаларига кўра, карантинга олинган фуқаролар маълум муддат тиббий кузатувда бўлишади”, - дейилади хабарда.