Трамп губернаторлар қатъий чоралар кўрмаса, намойишларни ҳарбий куч билан бостиришга ваъда берди

Вашингтондаги норозилик намойишлари ортидан пайдо бўлган манзара.

АҚШ президенти Дональд Трамп афроамерикалик Жорж Флойднинг оқ танли полициячи томонидан ўлдирилиши оқибатида бошланиб кетган норозилик намойишларини барча федерал захираларни, ҳарбий ва фуқаролик кучларини ишга солган ҳолда бостиришга ваъда берди.

Трамп губернаторларга тезкорликда ўз штатларида Миллий Гвардия аскарлари сонини норозилардан устун келадиган даражада кўпайтиришни таклиф қилди. Трампга кўра, губернаторлар бу таклифга рози бўлмасалар, у ҳарбий кучни ишга солади.

АҚШ президенти Америкадаги фуқаролар уруши даврида қабул қилинган “Исёнлар тўғрисида”ги қонунга асосан айрим ҳолатларда ҳарбийлардан тартибни сақлаш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга.

АҚШда расмийлар томонидан фавқулодда вазиятлар чоғида ишга солинадиган Қуроллик кучларнинг махсус тури – Миллий гвардия 15 та штат ва пойтахт Вашингтонда тартибни сақлаш учун ҳозирда ўзининг беш минг чоғли жангчиси сафарбар қилинганини маълум қилди.

АҚШда намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.