Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш мақсадида Сирдарё вилояти Сардоба туманига сафарбар қилинган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи қўшинлари 1 июнь куни колонна билан Самарқанд, Жиззах ҳамда Каттақўрғон гарнизонларига қайтарилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, тошқин рўй берган жойга 2 май куни етиб борган ҳарбий хизматчилар қарийб бир ой давомида табиий офатдан азият чеккан аҳолига кўмак кўрсатган.
Хусусан, улар “Қўрғонтепа”, “Дўстлик” ва “Юртдош” маҳалларидаги 2148 та хонадонда тозалаш-таъмирлаш ва уйларни қайта тиклаш ишларини бажарганлар, хонадон эгалари учун вақтинчалик чодирлар ҳамда тандир ва ўчоқ қуриб берганлар.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган техноген фалокат туфайли яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босган, тошқин оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин киши эвакуация қилинган.