Толибон ўз лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.
Foreign Policy журнали 1 июнь куни Толибон ҳаракатининг исми айтилмаган расмийларига таянган ҳолда Ҳайбатуллоҳ Охунзода COVID-19га чалингани ва хориж давлатларидан бирида даволанаётган пайтда ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.
Толибон расмийлари Foreign Policy журналига Охунзодани сўнгги уч ой давомида кўрмаганларини ва овозини эшитмаганларини айтганлар. Айрим манбалар эса Охунзода коронавирусдан даволаниш учун Россияга кетганини маълум қилганлар.
2 июнь куни Толибоннинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид ҳаракат раҳбарларидан ҳеч бири коронавирусга чалинмаганини ва Охунзоданинг ўлими ҳақидаги хабарлар асоссиз экани ҳақида билдирди.
Мулла Охунзода 2016 йилнинг майида Покистонда АҚШ учувчисиз самолёти ҳаводан берган зарба пайтида ўлдирилган Ахтар Муҳаммад Мансур ўрнига Толибон қўмондони бўлган эди.