“Korean and migration” хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига нисбатан суд жараёни бошланди

2019 йилнинг 17 сентябрида HUMAN хусусий бандлик агентлигига алданганлар Вазирлар Маҳкамасига норозилик билдириб борган.

“Korean and migration” хусусий бандлик агентлигининг 11 нафар ходимига нисбатан очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати 2 июнь куни хабар берди.

Маълумотда айтилишича, агентлик директори Қаҳрамон Отақулов, агентликнинг хорижий ҳамкори – Жанубий Корея фуқароси Канг Нам Кю, агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов, “Korean and migration” таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва яна 7 ходимга нисбатан жараён Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида бўлиб ўтмоқда.

“Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган”,- дейилади хабарда.

Ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд. Терговнинг билдиришича, уларга келтирилган зарар 24 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 13 миллиард 300 миллионини қоплаш чораси кўрилган.

Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айблов қўйилган.

“Korean and migration” раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик 2019 йилнинг 10 ноябрида хабар берган эди.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.