Трамп Россиянинг G7 саммитига таклиф қилиниши “соғлом фикрлаш” бўлишини айтди

Трамп "Москва билан мулоқот қилиш зарур", деб ҳисоблайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путинни “Катта еттилик” (G7)нинг кенгайтирилган йиғилишига таклиф қилиш “соғлом фикрлаш” бўлишини айтди.

3 июнь куни Fox News радиосига интервью берган Трамп, G7га аъзо ривожланган йирик давлатлар Россиянинг халқаро майдондаги сиёсати ва Қримни босиб олганига қарамай, Москва билан мулоқот қилиши зарур, деб ҳисоблашини билдирди.

“Гап Россия нима қилганида эмас, гап соғлом фикрлашда. Муаммо шундаки, Путин нима қилгани ҳақида кўп гапирамиз, шунинг учун вақтимизни бекорга сарфлаяпмиз. Шунинг учун ортиқча гап-сўзларни йиғиштириб, кимдир Путинга телефон қилиши ёки Путин билан турли масалаларни муҳокама қилиши шарт”, - деди Трамп.

АҚШ президенти 30 май куни июнда ўтказилиши режалаштирилган G7 саммитини сентябрь ойига қолдиришини ва унга Россия, Австралия, Жанубий Корея, Ҳиндистонни таклиф қилиш нияти ҳақида билдирганди.

Трамп АҚШ, Канада, Германия, Япония, Франция, Британия ва Италиядан иборат G7 гуруҳини “жаҳонда нималар бўлаётганини етарли даражада тасаввур қила олмаётган жуда эскирган давлатлар гуруҳи”, деб атаганди.

Россия G8 гуруҳидан 2014 йилда Қримни босиб олгани ортидан чиқарилган ва G8 гуруҳи G7га айланган эди.

G7га аъзо давлатлар Трампнинг Россияни саммитга таклиф қилиш ғоясини қўлламаяпти.